Қисқача тавсифи
Муқобил хулқ-атворни шакллантириш учун самарали ва таъсирчан хулқий аралашув режасини ишлаб чиқиш учун ўқувчининг хулқи тузилиши ва функциясини тушуниш (O’Neill, 1997 йил).
Хулқ-атвор таҳлили Б.Ф. Скиннер томонидан муайян шахснинг хулқий мақсадлари (функциялари) тўғрисида маълумот олиш усули сифатида қўлланилган.
Хулқ-атворнинг асосий функциялари қуйидагилардан иборат: хоҳлаган нарсани олиш, эътиборни жалб қилиш, эътибордан қочиш ва автоматик равишда қувватлаш (Д.О. Купер, Т.Э. Херон, У.Л. Хьюард, 2016).
Функционал таҳлил мақсадли хулқни тавсифлашга, кейин эса кирувчи хатти-ҳаракатни кучайтирадиган олдинги стимул ва оқибатларни аниқлашга қаратилган. Бошқача қилиб айтганда, усул муайян турдаги хулқ ва атроф-муҳит ўртасидаги муносабатни аниқлаш имконини беради.
Усулнинг мақсадлари/қўлланиш соҳаси
Функционал таҳлилнинг мақсади хулқ-атвор функциясини аниқлашдир.
Олинган маълумотларга асосланиб, номақбул хулқнинг намоён бўлишини камайтириш ва келажакда адаптив хулқни кучайтириш учун аралашув режалаштирилган (Купер, 2016). Бу иш ўз ичига қуйидагиларни олади:
- Номақбул хулқни олдини олиш учун антецедентларни (олдинги рағбатларни) аниқлаш.
- Номақбул хулқнинг қувватланишини камайтириш мақсадида кейинги ўзгаришлар учун хатти-ҳаракатлар ва қувватлаш ўртасидаги муносабатни аниқлаш.
- Номақбул хулқни ўрнини босадиган муқобил хулқни шакллантириш учун қувватлашни аниқлаш.
Мақсадли гуруҳ
Ёш
Усул, ёшидан қатъи назар, инсоннинг номақбул хулқи билан ишлашга қаратилган
Усулни қўллаш мумкин бўлган боланинг ривожланиш даражаси
Ҳеч қандай чекловлар йўқ
Усулни қўллайдиган мутахассиснинг малакасига қўйиладиган талаблар
Базавий маълумотга қўйиладиган талаблар
Хулқ-атворнинг функционал таҳлилидан фойдаланиш мутахассиснинг мажбурий малакасини талаб қилмайди.
Сертификатланган курслар ёки тренингларни ўтишга қўйиладиган талаблар ёки тавсиялар
Олинган маълумотлар асосида аралашув дастурларини ишлаб чиқишда хулқни амалий таҳлилида қўлланиладиган усулларни ўзлаштириш тавсия этилади.
Қўллаш технологияси
Хулқни функционал таҳлили қуйидаги усулларни ўз ичига олади (Купер, 2016):
- Экспериментал.
- Тавсифий:
- ахборотни бевосита йиғиш усуллари;
- ахборотни билвосита йиғиш усуллари.
Хулқ-атворнинг экспериментал функционал таҳлили (functional experimental analysis) табиий муҳитда одамда содир бўладиганларга мос келадиган антецедент (олдинги рағбат) ва оқибатларни кузатиш ва кейинги танлашни ўз ичига олади. Кейинчалик, хулқ-атвор функцияси ҳақидаги фаразлар махсус шарт-шароитларни яратиш орқали текширилади, бунда ҳар бир қўзғатувчининг исталмаган хулққа таъсири бошқа стимулларнинг таъсиридан алоҳида кузатилиши ва ўлчаниши мумкин.
Хулқ-атворнинг тўғридан-тўғри тавсифловчи функционал таҳлили (descriptive functional behavior assessment) табиий шароитда амалга ошириладиган бевосита кузатишни ўз ичига олади: номақбул хулқ махсус тарзда режалаштирилмаган ва ташкил этилмаган турли ҳодисалар билан боғлиқ ҳолда тасвирланади.
Хулқ-атвор тўғрисида маълумот олишнинг ушбу усули A–B–C моделига асосланади , бу ерда B – хулқнинг ўзи, А — ундан олдинги ҳолатлар, C — оқибатлар, яъни хулқдан кейин дарҳол содир бўлган воқеалар. Хулқ-атворнинг функционал таҳлили махсус шакл ёрдамида амалга оширилади (шакл ABC).
Хулқ-атворнинг билвосита тавсифловчи функционал таҳлили (indirect functional assessment) тузилган интервьюлар, маълумотлар йиғиш варақлари, рейтинг шкаласи, сўровномаларни ўз ичига олади. Ушбу усуллар ёрдамида номақбул хулқ билан боғлиқ ҳодисалар ёки шароитлар тўғрисида маълумот бундай хулқни намоён қиладиган шахс билан таниш бўлган шахслардан (яъни, шахс ҳақида қайғурадиганлардан: унинг ўқитувчилари, ота-оналари) ёки ўзидан олинади. Бу усуллар «билвосита» деб аталади, чунки улар хулқни бевосита кузатишни ўз ичига олмайди.
Хулқ-атворнинг функционал таҳлилини ўтказиш алгоритми (Купер, 2016):
- Келажакда таҳлил тартиботи қўлланиладиган мақсадли хулқни аниқлаш.
- Билвосита ва тўғридан-тўғри тавсифлаш усуллари орқали маълумот тўплаш.
- Дастлабки маълумотни талқин қилиш ва номақбул хулқ функцияси ҳақида гипотезани шакллантириш.
- Экспериментал таҳлил жараёнида ушбу гипотезани текшириш.
- Номақбул хулқнинг аниқланган функциясига асосланиб, аралашув усулларини ишлаб чиқиш (хулқ-атворни тузатиш).
- Танланган усуллар ва ишлаб чиқилган ўқув режаси самарадорлигини мунтазам мониторингини олиб бориш.
Усулнинг (амалиётнинг) самарадорлиги
Самарадорлик индивидуал ҳолатлар (single case study) ва кичик гуруҳ бўйича тадқиқотларда кўрсатилди (Steibrenner et al, 2020)
Усулни тавсифлашда фойдаланилган манбалар
- Скиннер Б.Ф. Илм-фан ва инсон хулқи //Новосибирск: НГУ. – 2017 йил.
- Купер Д. О., Херон Т. Э., Хьюард У. Л. Хулқни амалий таҳлили // М.: Практика. – 2016 йил.
- Эрц Ю.М., Жесткова Е.Б. «Хулқ-атворни функционал таҳлил қилиш» тартиботини ўтказиш // Аутизм ва ривожланиш бузилишлари. 2014. 12-жилд. 4-сон. 24–31-бетлар.
- Овсянникова Т.М. Аутизм спектрининг бузилиши бўлган болада номақбул хулқни тузатиш учун хулқ-атворни функционал таҳлил қилиш усулини қўллаш [Электрон ресурс] // Клиник ва махсус психология. 2016. 5-жилд. 1-сон. 111–126 с. Doi:10.17759/cpse.2016050108
Қўшимча манбалар
Хаустов А.В., Богорад П.Л., Загуменная О.В., Козорез А.И., Панцырь С.Н., Никитина Ю.В., Стальмахович О.В. Аутизм спектрининг бузилиши бўлган ўқувчиларни психологик ва педагогик қўллаб-қувватлаш. Услубий қўлланма/ Хаустов А.В.нинг умумий таҳрири остида М.: ФРЦ ФГБОУ ВО МГППУ, 2016. 125 б.